ASES YAYINCILIK

AnasayfaYayınlanmış KitaplarIX–X ASRLARDA O’RTA OSIYO MUTAFAKKIRLARINING AXLOQIY TARBIYA HAQIDAGI G’OYALARI

IX–X ASRLARDA O’RTA OSIYO MUTAFAKKIRLARINING AXLOQIY TARBIYA HAQIDAGI G’OYALARI

KategoriEĞİTİM BİLİMLERİ
ISBN978-625-8956-18-4
DOI10.5281/zenodo.21413199
DilÖZBEKÇE
Basım Yılı2026
Sayfa Sayısı114 Sayfa

Özet

Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигини қўлга киритиши билан ижтимоий ва иқтисодий ўзгаришлар қаторида
халқимиз учун миллий-маданий қадриятлар, урф-одатлар ва анъаналарни ўрганиш ҳамда тиклаш учун кенг имкониятлар
очиб берилди. Мамлакатимиз ўзига хос тараққиёт йўлини танлаб, барча соҳаларда дунёнинг энг ривожланган давлатлари даражасига етиб олишдек эзгу мақсад сари интилмоқда. Бу мақсадни амалга ошириш учун юксак билим ва малакали, баркамол мутахассислар керак. Уни амалга оширишда аждодларимизнинг бой маънавий-ахлоқий меросинииг аҳамияти беқиёсдир. Буюк сиймолар бўлмиш ота-боболаримиз қолдирган маънавий меросни таълим-тарбия соҳасига татбиқ этиш жамиятимизнинг ахлоқан баркамол аъзоларини вояга етказишда самарали восита ҳисобланади. Орадан кўп асрлар ўтса ҳам номлари ҳануз жаҳонга машҳур бўлган Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Имом ал-Мотуридий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Маҳмуд аз-Замаҳшарий, Абдулхолиқ Ғиждувоний,
Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби бобокалонларимиз, чоризм мустамлакаси даврида маърифат байроғини баланд кўтариб чиққан Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори, Абдулла Авлоний, Исҳоқхон Ибрат, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Усмон Носир сингари юзлаб фидойи инсонлар миллий маънавиятимизнинг порлоқ юлдузларидир. Уларнинг ҳаёти ва фаолияти ўсиб келаётган ёш авлод учун ибрат-намунадир. Мамлакатимизнинг буюк келажаги ҳам, эртанги кунимиз, эркин ва фаровон ҳаётимиз ҳам, Ўзбекистоннинг ХХI асрда жаҳон ҳамжамиятидан қандай ўрин эгаллаши ҳам – буларнинг барча-барчаси, авваламбор, янги авлод, униб-ўсиб келаётган фарзандларимиз қандай инсонлар бўлиб вояга етишига боғлиқ. Бунда эса, табиийки, буюк аждодларимиз ҳаёти, фаолияти, ўлмас мероси юксак марраларни кўзлаган ёшларимиз учун ибрат мактабидир. Буюк аждодларимизнинг беқиёс аҳамиятга молик меросини изчил ўрганиш ва уни келажакда янада ривож топтириш барча илм аҳллари учун, айниқса, ёшларимиз учун асосий дастуруламал бўлмоғи давр талабидир1 Тарбия жараёнининг асосий мақсади ва самараси инсонларда ахлоқий фазилатларни қарор топтиришдан иборат. Гўзал хулқ-одобни жамиятимизнинг бўлажак қурувчилари бўлмиш - ёшлар онгига сингдиришда педагогика қудратли омил саналади. Ҳозирги кундаги энг муҳим вазифалардан бири – баркамол шахс тарбияси ҳисоблангани учун ахлоқ масаласининг долзарблиги ва аҳамияти ортиб бормоқда. Ахлоқий тарбиянинг зарурати: -мустақиллик шарофати билан бошланган жамиятдаги ижобий ўзгаришларни амалга ошириш ва ривожланган, адолатли, демократик ҳуқуқий давлатни барпо этиш учун доимо шай турган ахлоқан пок, баркамол авлодни тарбиялаш; -аждодларимизнинг бебаҳо маънавий меросини тиклашнинг давлат сиёсати даражасига кўтарилган муҳим вазифага айланиши ҳамда бу қимматли меросдан ахлоқий тарбия жараёнида фойдаланиш; -ўсиб келаётган ёш авлод онгида мақтовга лойиқ ахлоқий фазилатларни шакллантириш ва ривожлантириш бўйича илмий асосланган тавсияларни ишлаб чиқиш зарурати билан белгиланади. Ўзбек халқи жуда бой тарихга эга. Бу тарих нафақат ҳозирги Ўзбекистон ҳудуди, балки бутун Ўрта Осиё тарихи билан чамбарчас боғлиқ. Айниқса, IX–X асрлар тарихи жаҳон маданияти, илм-фан тараққиёти тарихидаги ҳиссасининг аҳамияти билан ажралиб туради. Шу даврда бу ўлканинг бутун жаҳонга машҳур алломалари, қомусий билим соҳиблари бўлмиш мутафаккирлари: ал-Бухорий, ал-Фарғоний, ал-Форобий, ат-Туркий, ал-Хоразмий, ас-Собуний, ал-Устурлобий, ал-Хожандий, алЖавҳарий, ат-Термизий, Беруний, Ибн Сино ва бошқалар яшаб, илм-фан, маданият ривожига салмоқли ҳисса қўшдилар. 1 Буюк юрт алломалари. /Тузувчи ва нашрга тайёрловчи У.Уватов. –Т. “O’zbekiston”, 2018. 4-бет. IX–X асрларда Ўрта Осиёда тараққий этган илм-фанни шартли равишда икки қисмга ажратиш мумкин. Булар: динийилмлар ва дунёвий илмлар. Инсон ахлоқи ва ахлоқий тарбия борасида ҳам бу ҳолат ўз аксини топди. Шу сабабдан, муаммони ҳар томонлама ва мукаммал ўрганиб чиқиш учун IX–X асрларда яшаган, инсон ахлоқи ҳақида кўп қимматли фикрлар билдирган, бутун дунёга машҳур ва етук олимлар – Исмоил Муҳаммад ал-Бухорий ва Абу Наср ал-Форобий мероси монографиямиз учун асос қилиб олинди. Имом ал-Бухорий инсон ўз аҳамиятини йўқотмаган манба, мусулмонларнинг иккинчи муқаддас китоби бўлган “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ“, яъни “Энг ишончли ҳадислар тўплами” асарининг муаллифидир. Абу Наср ал-Форобий эса Шарқда инсоншунослик илмининг асосчиси сифатида ахлоқий тарбияга бағишланган таълимот яратиб, бу йўналишда ноёб илмий асарлар қолдирган. Имом ал-Бухорий ахлоқий тарбия масаласини диний қадриятлар асосида ёритиб берган бир вақтда, Абу Наср ал-Форобий дунёвий, яъни илмий асосда инсон ахлоқини ўрганди. Алломалар ахлоқий тарбия муаммосига икки хил ёндашган бўлсалар-да, улар илгари сурган ахлоқий қарашларнинг асл мақсади ягонадир, яъни баркамол, ахлоқий пок инсонни тарбиялашга йўналтирилган. Бу қарашлар ҳозирги кунда ҳам ўз аҳамиятини ва долзарблигини йўқотган эмас. Монографиянинг асосий мақсади – Имом ал-Бухорий ва Абу Наср ал-Форобий асарларидаги ахлоқий тарбияга оид қарашларни, фикрларни ўрганиш, таҳлил этиш, умумлаштириш ва бир тизимга солиш ҳамда уларнинг ғоявий ва педагогик ёндашувларини аниқлaган ҳолда ўсиб келаётган ёш авлодни ахлоқий тарбиясида фойдаланиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат. Бунинг учун қуйидаги вазифалар амалга оширилди:
1. Муаммо бўйича тарихий манбалар ва илмий-педагогик тадқиқотларни ўрганиш;
2. IX-X асрда Ўрта Осиёда илм-фан ва маданият ривожини таъминлаган омилларни таҳлил қилиш;
3. Ўрта асрлардаги ахлоқий тарбияга оид таълимотларни тадқиқ этиш;
4. Имом ал-Бухорий ва Абу Наср ал-Форобий қолдирган педагогик мерос бўйича илмий изланишлар олиб бориш;
5. Имом ал-Бухорий ва Абу Наср ал-Форобий асарларидаги ахлоқий тарбияга оид фикр ва қарашларни умумлаштириб, бир
тизимга солиш;
6. Имом ал-Бухорий ва Абу Наср ал-Форобий илгари сурган ғояларнинг кейинги даврда яратилган ахлоқий тарбияга оид таълимотларга ижобий таъсирини кўрсатиш;
7. Ўсиб келаётган ёш авлоднинг ахлоқий тарбиясини янада такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб
чиқиш.Ушбу вазифаларнинг ижобий ҳал этилиши, албатта, ўзининг самарасини кўрсатади ва келажакда ёшларни баркамол инсон этиб тарбиялаш учун ёрдам беради. Бугунги кунда инсон тафаккурининг чегаралари нақадар кенг эканлиги яққол сезилмоқда. Янгича фикрлаш, янгича муносабат билдириш, ишонч ва яхшилик, эътиқод ва эзгулик уйғунлигини юзага келтиришда тарихий хотира ҳамда аждодлар тажрибаси ва мероси муҳим восита бўлиб хизмат қилди. Чунки уларда баркамол инсон, ахлоқий жиҳатдан етук шахс, ақл ва тафаккур асосида қурилиши лозим бўлган адолатли жамият ҳақида фикрлар билдирилган.