ASES YAYINCILIK

AnasayfaYayınlanmış KitaplarБУЮК АЖДОДЛАР

БУЮК АЖДОДЛАР

KategoriSOSYAL BEŞERİ VE İDARİ BİLİMLER
ISBN978-625-8956-17-7
DOI10.5281/zenodo.21408365
DilÖZBEKÇE
Basım Yılı2026
Sayfa Sayısı115 Sayfa

Özet

Ўзбекистон – буюк сиймолар юрти. Биз эса бу сиймоларнинг зурриётларимиз. Миллий меросимизнинг тарихий илдизларини ўрганиш ҳамда таҳлил этиш, Ватан озодлиги йўлида қаҳрамонлик кўрсатган буюк аждодларимиз ва жасур замондошларимизнинг ибратли ҳаётини кенг тарғиб этиш асосида ёшларда “Ўзбекистон халқи ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди!” деган ҳаётий эътиқодни қарор топтириш давр талабидир. “Буюк аждодлар” номли ўқув қўлланма айнан шу мақсадда тайёрланган. Қўлланма тарихий даврлар бўйича 4 бўлимдан ташкил топган. Унда аждодларимиз ҳақидаги маълумотлар силсиласи Одам атодан бошланади. Бу бежиз эмас. Чунки, ўзбек халқининг туркий қавмлар бош бўғини сифатидаги келиб чиқиш тарихи Турк ибн Ёфасга бориб тақалади. Ёфас эса Нуҳ пайғамбарнинг фарзанди. Нуҳ алайҳис салом эса ўз навбатида, барча қадимги китобларда қайд этилганидек, Одам атонинг зурриётларидандир. Маданиятимизнинг буюклиги, аждодларимиз ақлий салоҳиятининг юксаклиги тарихимизнинг жуда қадимийлиги билан боғлиқ. Халқимизда: “Чинор қанчалик катта, улуғвор бўлса, илдизи шунчалик чуқур ва мустаҳкам бўлади”, - деган ибора бор. Ўрта асрларда яшаб, ижод қилган қомусий олимларимизнинг катта-катта ютуқларни қўлга киритишининг асосий сабаби – улар ўзларидан аввал яшаган аждодларимиз эришган билим ва тажрибаларини ўзлаштирганликларидадир. Ўз навбатида биз ҳам Одам атодан токи ҳозирги кунга қадар яшаб ўтган отабоболаримизнинг жуда бой маданий меросини, ютуқларини ўрганиб, улардан илҳомланиб, каттадан-катта муваффақиятларга эришмоқдамиз. Ўз тарихини яхши билган ва аждодларини таниган инсон қатъиятли бўлади. У мозийдан сабоқ олиб, ота-боболари ўгитларига амал қилади, аждодларининг бой ҳаётий меросидан фойдаланиб, юксак марраларни эгаллайди ва қийинчиликлардан қўрқмайди. Ватан мустақиллиги ва равнақи аждодларимиз учун доимо муқаддас саналган. Шу боис улар, бу йўлда бор куч ва имкониятларини сарфлаганлар, керак бўлса, ўз жонларини ҳам аямаганлар. 6 Ота-боболаримизнинг тимсоли, ҳаёти, фаолияти ва жасорати бизларни доимо эзгулик сари руҳлантиради, кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшади. Ушбу ўқув қўлланмани тайёрлаш жараёнида Ўзбекистон миллий энциклопедиясининг аждодларимиз ҳаётига бағишланган материалларидан фойдаланилди. Уларнинг муаллифларига миннатдорчилик билдирамиз. Тарихий даврларни китобхонга осонроқ ва тушунарлироқ баён этиш мақсадида асрлар номини араб рақамлари билан
ифодаладик.